You are here

Ташқаридан берилган баҳо энг холис баҳодир

2015 йил – «Кексаларни эъзозлаш йили»да мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида муҳим ўзгаришлар юз берди. Хусусан, республика суғурта бозори иштирокчилари ҳам ўз олдига қўйган юксак мақсадлари билан мамлакатимиз аҳолисини ижтимоий ҳимоялаш, иқтисодиётни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш баробарида ўзлари ҳам ижобий натижаларга эришди. Ана шундай муассасалардан бири «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси Ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норовга мурожаат қилиб, ўтган йил самараси ва янги режалар билан танишдик.

– 2015 йилда компания томонидан қандай устувор вазифалар амалга оширилди?

– Аввало, мамлакатимизда суғурта тизимини ривожлантиришга давлат томонидан катта эътибор берилаётгани ва ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига эга қатор давлатларда бўлганидек, суғурта соҳаси республикамиз иқтисодиётининг муҳим аҳамият касб этувчи қисмига айланиб бораётганини эътироф этмоқчиман.

Ўтган давр мобайнида миллий суғурта тизимининг меъёрий-ҳуқуқий ҳамда ташкилий асослари такомиллашиб, суғурта бизнесини юритишда халқаро амалиётга жавоб берувчи суғурта хизматларининг кенг кўламини тақдим этаётган суғурта тизими асослари шаклланди.

Яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, муттасил изланишлар олиб борилганлиги натижасида «Ўзбекинвест» компанияси учун 2015 йил ҳам самарали, ҳам омадли кечди. Буни фаолиятимиз давомида юзага келган рақамлар ҳам ифодалайди. Чунончи, 2015 йилнинг ўтган 11 ойи якунларига кўра, компанияда йиғилган суғурта мукофотларининг ўсиш кўрсаткичи 133 фоизни ташкил этди. Ушбу йилда Инвестиция дастурига киритилган 75 та лойиҳага суғурта ҳимояси тақдим этилиб, мазкур йўналишда ўсиш кўрсаткичи 124 фоизга тенг бўлди.

«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида катта авлод вакилларини бахтсиз ҳодисалардан суғурта қилиш бўйича янги «Эътибор» номли суғурта маҳсулоти ишлаб чиқилиб, қулай нархларда мижозлар эътиборига ҳавола қилинмоқда. Шу билан бирга, Давлат дастури доирасида барча республикамизнинг ҳудудларида уруш ва меҳнат фахрийларини маънавий ва моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган турли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Юртимизда суғурта соҳаси ривожланиш босқичида. Шу боис кенг омма ўртасида суғуртанинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, аҳолининг суғурта хизматларига доир маданиятини ошириш долзарб ҳисобланади. Айни пайтда компаниямиз фаолиятида ушбу масалага жиддий эътибор қаратилиб, алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Бунда бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик ўрнатилиб, тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтирилмоқда. Шунингдек, республикамизда соҳага оид қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш бўйича ҳам муассасамиз фаолияти алоҳида ўрин тутади. Хусусан, 2015 йилнинг май ойида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Қонуни кучга кириши (2015 йилнинг 27 ноябридан) муносабати билан жойларда туркум давра суҳбатлари ва семинар-тренинглар уюштирилди.

Бундан ташқари, ушбу йилда «Ўзбекинвест» тизимида қатор замонавий ахборот-коммуникация технологиялари татбиқ этилди. Айни пайтда суғурта хизмати тўловининг электрон усуллари жорий этилган. Унга кўра, мижозлар «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурталаш», «Бахтсиз ҳодисалардан суғурталаш», «Ихтиёрий тиббий суғурта», «Ихтиёрий мулк суғуртаси» каби 10 турдаги суғурта маҳсулотини интернет орқали электрон тўлов тизимлари ёрдамида сотиб олишмоқда. Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта хизматидан фойдаланишда аҳолига янада қулайлик яратилиб, «SMS-хабар» хизмати жорий этилди. Ушбу хизмат мижознинг мобиль телефон рақамига суғурта шартномасининг муддати тугашига 5 кун қолганда юборилмоқда.

– Бир сўз билан компаниянинг 2015 йилги фаолиятини қандай баҳолайсиз?

– Ҳар бир ташкилот учун ташқаридан берилган баҳо энг холис баҳо саналади. Айниқса, бу ҳолат суғурта компаниялари фаолиятида юз берса, айни муддаодир. Зеро, суғурта тизимида нуфузнинг ортиши ишонч қозонишга, ишонч эса бизнес барқарорлигига етаклайди.

2015 йилнинг ноябрь ойида «Moody’s» халқаро рейтинг агентлиги  компаниямизнинг халқаро молиявий рейтингини «барқарор» прогнози билан «B1»дан «Ba3»га кўтарди. Агентлик таҳлилчиларининг фикрича, «Ўзбекинвест» компаниясининг халқаро рейтинги ошишига унинг молиявий барқарорлигини таъминловчи 60 млн. АҚШ доллари эквивалентидаги (Ўзбекистон суғурта бозорида энг юқори) устав жамғармасига эгалиги, суғурта мукофотларини йиғиш ва ўз фаолиятини диверсификациялаш бўйича ўсиш суръатларининг барқарорлиги, мижозлар билан узоқ муддатли манфаатли ҳамкорликнинг йўлга қўйилгани, суғурта портфели капитализациясининг юқори даражаси, шунингдек, ҳудудий тармоқларни кенгайтириш, хизматлар сифатини юксалтириш, андеррайтинг ва маркетинг сиёсатини пухта олиб бориш ва кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлари каби омиллар асос бўлди.

– Шу ўринда «Ўзбекинвест» компаниясининг 2016 йилда ўз олдига қўйган вазифалари хусусида қисқача тўхталсангиз.

– Компания ўз фаолиятини мамлакатимиз раҳбарияти томонидан белгилаб бериладиган 2016 йилнинг муҳим иқтисодий дастурлари ва устувор йўналишлари доирасида изчил давом эттиради. Жумладан, «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурига мувофиқ, суғурта хизматларини ҳам сифат, ҳам кўламдорлик жиҳатидан бойитади. Инвестиция дастурига киритилган лойиҳаларга тақдим этиладиган суғурта ҳимояси ҳажмини кенгайтиради. Шунингдек, ўз уставидаги мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар, жисмоний ва юридик шахсларга қулай ва сифатли суғурта хизматларини тақдим этиш, суғурта мукофотлари тушумини ошириш, суғурта бадалларини ўз вақтида ва тезкор тўлаб берилишини таъминлаш каби муҳим вазифаларни амалга оширади.

Наргиз АҲМЕДОВА суҳбатлашди.

“Банк ахборотномаси” газетаси, 2016 йил 7 январь