You are here

Ташувчиларнинг масъулияти кучайтирилиши йўловчилар манфаатига хизмат қилади

Жорий йилнинг 27 ноябридан кучга кирган “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонун, энг аввало, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ҳамда иқтисодиётга инвестицияларни кенг жалб этишда муҳим ўрин тутувчи суғурта бозоридаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.

Мазкур ҳужжат моҳияти, уни амалиётга татбиқ этиш жараёни, умуман олганда, бу йўналишда олиб борилаётган ишлар ҳақида “Халқ сўзи” мухбирига тегишли соҳа вакиллари қуйидагиларни сўзлаб берди.

 

Аброр ИСАЕВ,

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Лицензиялаш, ҳаракат хавфсизлигини назорат қилиш ва ташкил этиш бўлими бошлиғи:

— Транспорт-коммуникация соҳаси тобора ривожланиб бораётган ҳозирги даврда йўловчи ташиш соҳасидаги муносабатлар ҳам такомиллашмоқда. Хусусан, кўпгина тараққий топган давлатларда йўловчиларнинг мажбурий шахсий суғуртаси ўрнига ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тизими жорий этилган. Аҳолига кўрсатилаётган хизматларни янада ривожлантириш мақсадида қабул қилинган “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонун моҳиятан олиб қараганда, ҳам ташувчиларнинг, ҳам йўловчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кафолатлайди.

Унга мувофиқ, мажбурий суғурта бўйича мажбуриятнинг ташувчилар томонидан бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли ваколатга эга бўлган бошқа давлат органлари томонидан амалга оширилиши мумкин.

Бугунги кунда юртимизда автомобиль транспортида йўловчи ва юк ташиш билан 2 минг 300 дан ортиқ юридик шахс шуғулланаяпти. Агентлигимиз томонидан суғурта компаниялари ва бошқа ҳамкорлар билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишга доир қонунчилик талабларига бағишлаб қатор семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди. Ушбу тадбирларга йўловчи ва юк ташиш билан шуғулланувчи икки мингга яқин иштирокчилар қамраб олинди.

Таъкидлаш жоизки, мажбурий суғурта бўйича мажбуриятнинг ташувчилар томонидан бажарилишини таъминлаш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ташувчининг ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш бўйича мажбуриятини бажармаганлиги учун маъмурий жавобгарликни ва мазкур маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг тааллуқлилигини назарда тутган моддалар билан тўлдирилди.

Жойларда ўтказилган тушунтириш ишларида шу ва бошқа муҳим жиҳатларни жамоатчиликка етказишга ҳаракат қилганимиз ўз самарасини бераяпти. Автомобиль транспорти орқали йўловчилар ҳамда юк ташиш лицензиясига эга юридик шахслар муайян суғурта компанияси билан ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича шартнома тузгани ҳақидаги маълумотларни олмоқдамиз. Бошқача айтганда, қонун ижроси доирасидаги ишлар қизғин бошлаб юборилган.

 

Олимжон ДЖАМИРЗАЕВ,

“Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси Мажбурий суғурта турлари департаменти бош менежери:

— Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 26 ноябрдаги “2011 — 2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори асосида микромолиялаш соҳасини ҳамда нобанк молия секторини янада ривожлантириш бўйича муайян чора-тадбирлар давом эттирилмоқда. “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонун ана шу қарор талабларига уйғундир.

Янги Қонуннинг эътиборли жиҳатларидан бири шундаки, унда йўловчиларнинг тўлақонли суғурта ҳимоясини таъминлаш мақсадида уларнинг мулкига етказилган зарарни қоплаш масаласи ҳам назарда тутилган. Қонунда барча турдаги транспорт воситалари ва барча турдаги ташишни амалга оширувчи ташувчилар қамраб олинган. Бунда ташувчининг йўловчилар ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича фуқаролик жавобгарлиги юзага келган чоғдаги мулкий манфаатлари ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш объекти ҳисобланади. Ташувчи, суғурталовчи, йўловчи, жабрланувчи ва наф олувчи ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш субъектларидир.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари устуворлиги тамойилидан келиб чиқиб, суғурталовчиларга нисбатан алоҳида талаблар белгиланган. Хусусан, суғурталовчи тегишли лицензияга эга бўлиши зарур. Ўз навбатида, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасини тузишга, ташувчилар, жабрланувчилар ва наф олувчиларнинг суғурта товони ҳақидаги талабларини кўриб чиқишга ҳамда суғурта товонини амалга оширишга ваколатли филиаллари бўлмоғи керак.

Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта пули Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган бўлиб, битта йўловчига 11 минг АҚШ доллари эквивалентига тенг миқдорида, улардан 10 минг АҚШ доллари йўловчининг ҳаёти ёки соғлиғига, бир минг АҚШ доллари эса унинг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун йўналтирилган. Шартноманинг амал қилиш даврида суғурта суғурталовчи томонидан тўланса, суғурта пули тўланган суғурта товони суммаси миқдорида камайтирилади.

Ҳозирги кунда ҳаммамиз, озми-кўпми, ана шу ташувчилар хизматидан фойдаланамиз. Демак, янги Қонундаги қоида ва меъёрларни нафақат муайян соҳа вакиллари, балки барчамиз чуқур билишимиз айни муддаодир. Шунга кўра, “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси мазкур Қонун моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида алоҳида чора-тадбирлар режасини амалга оширмоқда. Хусусан, жорий йилнинг август — ноябрь ойларида Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ва пойтахтимизда ташувчилар, оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик ва суғурта компаниялари вакиллари иштирокида давра суҳбатлари ўтказилди. “Тошшаҳартрансхизмат”, трамвай деполари, Тошкент вилояти автотерминаллар ва автоташувчилар ассоциацияси ҳамда қатор ташувчилар иштирокида ташкил этилган семинарларда юқорида келтирилган маълумотлар ва суғурта тизимидаги бошқа янгиликлар батафсил тушунтирилди.

Хулоса ўрнида айтганда, ривожланган давлатларда суғурта хизмати зарур ҳаётий эҳтиёжга айланган. Шу боис ҳам фуқароларнинг ўзи бу борада ташаббускор ҳамда фаол бўладилар. Эътиборлиси, бугунги кунда жамиятимизда ҳам ана шундай кўникма шаклланмоқда. Хусусан, ташувчиларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиши йўловчи ташиш тизимини такомиллаштириш, ушбу соҳада иш юритаётган корхоналар фаолияти самарадорлигини ошириш ва мулкий манфаатларини ҳимоялашда муҳим омил бўлиши, шубҳасиз.

Фарида МАҲКАМОВА

ёзиб олди.

Халқ сўзи газетаси, 2015 йил 24 декабрь