You are here

Суғурта – ҳимоя воситаси

Миллий матбуот марказида “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси томонидан мажбурий ва ихтиёрий суғурта турлари бўйича сифатли ва ишончли суғурта хизматлари тақдим этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳамда “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижросига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Мамлакатимизда суғурта фаолияти ва назоратининг қонунчилик базасини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани суғурта хизматининг корхона ва ташкилотлар мулкий манфаатларини ҳимоя этувчи самарали воситага айланишида муҳим омил бўлмоқда. Жумладан, “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида янги-янги суғурта хизматларини тақдим этаётир.

2015 йилда ҳудудий суғурта бўлинмалари 145 тага етди. Улар орқали 52,4 миллиард сўм суғурта мукофотлари йиғилиб, қарийб 10 миллиард сўм суғурта қопламалари тўлаб берилди. Инвестиция дастурига киритилган 67 лойиҳага умумий қиймати 15,17 триллион сўм суғурта ҳимояси тақдим этилди.

Мажбурий суғурта турлари борасида ҳам кенг кўламли юмушлар бажарилаётир. “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги ва “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонунлар ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар шулар жумласидандир. Ўтган даврда мажбурий суғурта қилиш бўйича йиғилган суғурта мукофотлари 6,1 миллиард сўмни, тўланган суғурта қопламалари 2,3 миллиард сўмни ташкил этди.

Суғурта хизматлари кўрсатишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилмоқда. Истеъмолчиларга суғурта хизмати тўловини электрон тарзда тақдим этиш жорий қилингани шулар жумласидандир. Бунда мижоз “Бахтсиз ҳодисалардан суғурталаш”, “Ихтиёрий тиббий суғурта”, “Ихтиёрий мулк суғуртаси” каби 10 турдаги суғурта хизматларини интернет орқали электрон тўлов тизими ёрдамида харид қилиши мумкин. Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишда янада қулайлик яратилиб, “СМС хабардор этиш” хизмати йўлга қўйилди. Бундай хабар мижознинг мобиль телефонига суғурта шартномасининг муддати тугашига 5 кун қолганда юборилади.

Тадбирда “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида истеъмолчиларга янги суғурта хизматлари тақдим этиш борасида қилинган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

 

Сайёра Шоева, ЎзА