You are here

«Ўзбекинвест» ЭИМСК – суғурта бозорида 21 йил

2015 йилнинг 14 апрель куни Ўзбекистон миллий матбуот марказида «Ўзбекинвест» ЭИМСК ташкил этилганининг 21 йиллиги ҳамда «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури доирасида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Компания раҳбарияти, махсуслаштирилган шўъба корхоналари, Тошкент шаҳридаги филиаллар мутахассислари, компания мижозлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Матбуот анжуманини «Ўзбекинвест» ЭИМСК Бош директори ўринбосари Ризаев Жамшид Хамидуллаевич кириш сўзи билан очиб, иштирокчиларни тадбир мазмун-моҳияти билан таништирди.

Мамлакатимизда суғурта соҳаси жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига эга қатор тараққий этган давлатларда бўлганидек, суғурта соҳаси мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим аҳамият касб этувчи қисмига айланиб бормоқда.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан ижтимоий сиёсат билан уйғунликда олиб борилаётган бозор иқтисодиётининг босқичма-босқич ривожланиш жараёни суғурта бизнесини юритишда халқаро амалиётга жавоб берувчи суғурта хизматларининг кенг кўламини тақдим этаётган суғурта тизими асослари шаклланишини таъминлади.

«Ўзбекинвест» миллий суғурта компанияси 1994 йилда Ўзбекистон Республикаси Президантининг Фармонлари ва Вазирлар Маҳкамасининг Қарори асосида ташкил этилган. 1997 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари ва Вазирлар Маҳкамасининг Қарори асосида «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси сифатида қайта ташкил этилган.

Ўтган 21 йиллик давр мобайнида компаниянинг халқаро суғурта бозорида фаол иштироки, ҳудудий тармоқларни ташкил этилиши, кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширилиб борилиши, андеррайтинг сиёсатини пухта олиб бориш ва кадрлар тайёрлашга катта эътибор берилиши борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида компания халқаро ва миллий суғурта бозорида ўзининг муносиб ўрнини эгаллади.

«Ўзбекинвест» ҳудудий тармоқларни ривожлантириш орқали жаҳон амалиётида қўлланиладиган, 100 дан ортиқ анъанавий суғурта хизмати турларининг барчасини тақдим этади. Компаниянинг 14 та ҳудудий филиаллари, 125 та ҳудудий бўлинмалари Тошкент шаҳри, барча вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритмоқда. Шунингдек, минга яқин суғурта агентлари томонидан мижозларга хизмат кўрсатиб келинмоқда.

Агар рақамларга мурожаат қилинса, охирги 5 йил ичида:

Суғурта мукофотлари ва суғурта қопламалари динамикаси деярли 3 баробарга, олинган суғурта мажбуриятлари динамикаси қарийб 13 баробарга ўсган.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини суғурталаш бўйича мажбуриятлар динамикаси эса 6 баробарга ўсган.

Ўтган «Соғлом бола йили» Давлат дастури доирасида «Меҳрибон ота-оналар», «Она ва бола», «Соғлом бола» суғурта маҳсулотлари ишлаб чиқилиб аҳоли учун мақбул нархларда сотилди.

2015 йилнинг I чораги якунлари бўйича компаниянинг асосий кўрсаткичлари қуйидагилардан иборат бўлди:

- олинган суғурта мажбуриятлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 149% ни, йиғилган суғурта мукофотлари эса 132%ни ташкил этмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида республиканинг 2015 йилдаги Инвестиция дастурига киритилган 32 та лойиҳасига умумий қиймати 12,2 трлн. сўм миқдорида суғурта ҳимояси тақдим этилди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари шахсий ва мулкий манфаатларини суғурта ҳимояси билан таъминлаш бўйича жорий йилнинг I чораги якунларига кўра, олинган суғурта мажбуриятлари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 115%ни, йиғилган суғурта мукофотлари ҳажми эса 127%ни ташкил этди.

Компания томонидан халқаро суғурта бозорининг Marsh (АҚШ), Cooper Gay, NDI Insurance Brokers (Буюк Британия), Willis Limited (Лондон), Allianz (Германия), Zurich (Швейцария), KoMill GLOBAL, Korean Reinsurance Company (Корея), «ENC Plus Insurance Brokers» (Корея), Малакут, «Альфа Страхование», «ГЛИНСО – Страховые брокеры», «РОСГОССТРАХ», «Страховой Брокер Топ Тайм», «Скала Страховой брокер» (Россия), AON Kazakhstan, KECIC (Қозоғистон), «HIS Insurance Services Co. LTD» (Корея) ва Willis Limited (Лондон) каби суғурта, қайта суғурталаш ва брокерлик компаниялари билан доимий ҳамкорлик қилиб келинмоқда.

Компания томонидан мамлакатимиз Президентининг 2014 йил 3 апрелда қабул қилинган «Иқтисодиётнинг реал секторида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чоралари тўғрисида»ги № ПП-2158 Қарори ижросини таъминлаш мақсадида «Ўзбекинвест» компанияси томонидан «Суғурта хизмати тўловининг электрон усулларини жорий этиш» лойиҳаси амалга оширилди. Мазкур лойиҳа бир нечта электрон тўлов тизимлари орқали мижозларга электрон хизмат кўрсатиш имконини яратди.

Шунингдек, матбуот анжумани жараёнида «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ишларга ҳам эътибор қаратилди. «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури тегишли бандлари ижросини таъминлаш бўйича компания томонидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, мазкур режага мувофиқ, бахтсиз ҳодисалардан суғурта қилиш ва тиббий суғурта бўйича шартномалар тузилаётганда кекса ёшдаги кишилар учун чегирмалар таклиф этилмоқда.

Барча маърузалардан сўнг компания ва ОАВ вакиллари ўртасида фикр алмашилди. Компания мутахассислари журналистларнинг суғурта мажбурий турлари, суғурта даволарини тартибга солиш жараёни, халқаро компаниялар ва «Ўзбекинвест» ҳамкорлиги, хорижий инвестициялар суғуртаси ҳақида ва бошқа саволларига жавоб беришди.

Матбуот анжумани якунида «Ўзбекинвест» Компанияси Бош директори ўринбосари Ж.Ризаев аҳоли ва тадбиркорларнинг суғурта маданияти даражасини ошириш ва компания фаолияти очиқлигини таъминлашда бундай матбуот анжуманларининг ўтказилиши катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

 

«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати