You are here

Ўз касбининг моҳир эгалари

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан бугунги кунда меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимояси билан бирга турли тармоқларда меҳнат қилиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ўз муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган турфа касб эгалари меҳнатини қадрлаш, ўзгаларга ўрнак сифатида муносиб рағбатлантириш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Шу мақсадда тизимда ҳар 2 йилда бир маротаба “Ўз касбининг моҳир эгаларини шарафлаш” тадбирини ўтказиш йўлга қўйилган.

Жорий йилнинг 12 декабрь куни Ўзбек Миллий академик драма театрида мазкур тадбирнинг республика босқичи ҳамда ўз касбининг моҳир эгаларини тантанали шарафлаш тадбири ўтказилди.

Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад турли соҳаларда намунали фаолият кўрсатиб келаётган, ўз ишининг устаси бўлган, фидокорона меҳнатлари билан юрт равнақига ҳисса қўшаётган, бу йўлда изланиш ва ташаббус кўрсатишдан тўхтамаётган, ижтимоий шериклик асосида халқимизнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида юқори натижаларга эришаётган турли соҳа ходимларини рағбатлантириш, бу орқали уларга меҳнат самарадорлигининг омили бўлган кўтаринки кайфият бахш этишдир. Шунингдек, меҳнаткашларнинг ўз касбига бўлган фидойилиги ва ижодкорлик қобилиятини рағбатлантириш орқали уларнинг профессионал даражасини ошириш, меҳнат унумдорлигини таъминлаш ҳамда ижтимоий фаолиятга кенг жалб этиш, «Устоз-шогирд» анъаналарини қўллаб-қувватлаган ҳолда, турли соҳаларда меҳнат қилаётган моҳир касб эгаларига ёш мутахассисларни бириктириш орқали ёшларнинг касбий маҳоратини оширишга эришиш ҳам мақсад қилинган.

Тадбирга республикамиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишга ўз муносиб ҳиссасини қўшаётган, билими ва савияси, илмий изланишлари, фидокорона меҳнати билан янги ютуқ ва натижаларни қўлга киритаётган турли соҳа ходимлари таклиф этилди.

Аҳамиятли томони шундаки, ўз касбининг моҳир эгаси сифатида тақдирланаётганлар энг қуйи бўғинда фаолият кўрсатаётган бошланғич ташкилотлар тавсияси асосида саралаб олинди. Мазкур рағбатга муносибларни аниқлаш жараёнида асосий эътибор «Ўз касбининг моҳир эгаси» сифатида танланаётган инсонларнинг:

муайян бир соҳада кўп йиллар меҳнат қилиб келаётган тажрибали мутахассислар эканлигига;

ўзига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажаришига;

соҳани ривожлантириш мақсадида олиб бораётган изланувчанлиги, эришган ютуқлари, ташаббуслари, яратган янгиликларига;

ёшларга ўз касбининг сир-асрорларини ўргатиб, шогирдлар тайёрлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига;

меҳнат жамоаси орасидаги обрў-эътибори, жамоатчилик ишларидаги фаоллигига;

мамлакатимизда турли соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тўғри англаши ва уларни қўллаб-қувватлашига қаратилди.

«Ўз касбининг моҳир эгалари»ни тақдирлаш тадбири 5 босқичда, хусусан, аввало, корхона, ташкилот ва муассасаларда, сўнгра туман ва шаҳарларда, 3-босқич Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, 4-босқич тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари миқёсида ўтказилди. Мазкур 4 босқичда 7 минг нафарга яқин турли касб эгалари иштирок этиб, улардан 137 нафари танлаб олинди ҳамда 5-босқич – Республика босқичига тавсия этилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан номзодлар орасидан энг муносиб 45 нафари саралаб олиниб, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсати қарорига кўра тақдирланди. «Ўз касбининг моҳир эгалари» деб топилганлар орасида таълим, фан, маданият, санъат, соғлиқни сақлаш, жамоат хизмати, алоқа, авиация, темирйўл, транспорт, йўл, қурилиш, агросаноат, истеъмол товарлари ишлаб чиқириш, хизмат кўрсатиш, нефт-газ, геология, энергетика, кимё, металлургия, машинасозлик, тоғ-кон саноати тармоқларида кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб, ўз соҳасида эришилаётган ютуқ ва муваффақиятларга муносиб ҳисса қўшиб келаётган ўз касбининг фидоий ва жонкуяр эгаларини кўриш мумкин.

Уларнинг барчасига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг махсус дипломлари ҳамда мукофотлари топширилди.

Хусусан, “Ўз касбининг моҳир эгаси” номига сазовор бўлганлардан бири – “Ўзбекинвест” ЭИМСК Экспорт қалтисликлари инвестицияларни суғурталаш департаменти бош менежери, техника фанлари номзоди, доцент Комил Ҳасановдир. У 1995 йилдан бугунги кунга қадар компанияда мамлакатимизда суғурта соҳасини ривожлантириш бўйича самарали меҳнат қилиб келмоқда.

Соҳада эришилаётган ютуқ ва муваффақиятларга муносиб ҳисса қўшиб келаётган, ўз касбининг фидоий ва жонкуяр эгаси бўлган К.Ҳасанов Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Ўз касбининг моҳир эгаси” сифатида шарафланди.

Тантанали тадбирдан сўнг тадбир иштирокчиларига куни кеча ўзининг 100 йиллик юбилейини нишонлаган Ўзбек Миллий академик драма театри жамоаси томонидан саҳналаштирилган «Кўнгил» спектакли намойиш этилди.