You are here

“Oila davrasida” gazetasi biz haqimizda

— Бу йил икки нафар болам республикамизнинг сўлим гўшаларидан бири бўлган оромгоҳда ҳордиқ чиқармоқчи. Яқинда бир қўшнимиздан эшитиб қолдим: ўсмирлар оромгоҳларга чиқишидан олдин ҳар хил кутилмаган бахтсиз ҳодисалардан суғурта қилдириши мумкин экан. Шу гап ростми?

Халил ЭРМАТОВ, Нишон тумани

— Рост. Бу янгилик жорий йилдан эътиборан бизнинг компания томонидан жорий этилди, — дейди «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси Ахборот хизмати раҳбари ¬Ортиқхўжа НОРОВ. — Ёш авлодни юртимизнинг диққатга сазовор жойлари, тарихий обидалари, қадимий шаҳарлари билан яқиндан таништириш, тоғли сўлим жойлар, оромгоҳлар ва бошқа масканларида дам олишлари, турли ўқув ва спорт мусобақаларини ташкил этиш ички туризмнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.

Ўсмирларнинг мавсумий таътилларда оромгоҳларда дам олаётганда, турли ўқув курслари, спорт мусобақалари, танловлар ва саёҳатда бўлганида кутилмаган бахтсиз ҳодисаларга дуч келиши хавфи ҳам мавжуд. Бу борада эса суғурта ҳимоясининг бўлиши алоҳида аҳамиятга эга.

Шу жиҳатлар инобатга олиниб, мактаб, лицей ва коллежлар ўқувчиларининг мавсумий таътиллари бошланаётгани муносабати билан «Ўзбекинвест» компанияси томонидан «Ёш саёҳатчи» янги суғурта хизмати ишлаб чиқилган эди. Ушбу янги суғурта тури 7 ёшдан 18 ёшгача ўсмирларни дам олиш масканлари, оромгоҳлар, спорт саёҳати ва бошқа турдаги саёҳатларда бўлганларида 1 кундан 3 ойгача бўлган муддатда бахтсиз ҳодисалардан суғурталашни кўзда тутади.

Мазкур суғуртага мувофиқ суғурталанувчининг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган — кутилмаганда унинг организмига таъсир этувчи ва соғлиғига шикаст етишига олиб келувчи ҳодисалар, хусусан, транспорт воситалари ҳаракати, куйиш, электр токи, тепаликдан йиқилиш, кўчки, заҳарланиш, учинчи шахс томонидан қасддан қилинган хатти-ҳаракатлар кабилар оқибатида шикастланганда суғурта ҳимояси тақдим этилади. Масалан, оромгоҳга 14 кунга кетаётган ўсмир учун 3 миллион сўмлик суғурта ҳимоясини 8 минг сўм эвазига сотиб олиш мумкин.

Меҳр МАЛИК ёзиб олди.

“Оила даврасида” газетаси